“Эр бермоқ — жон бермоқ”

420x232_article_1479199141_X2Ae3t.jpg

— Уф, яна анув бақалоқ хотин келди, — дейди турмуш ўртоғим ҳар сафар подъездимизда шовқин-сурон бошлангач… — Жонига тегмадимикан-а?! Уялмасмикан?!

Ичимда ўша бақалоқ аёлнинг қилаётган иши нотўғри эканлигини ўйлайман, аммо ташимда хўжайнимга жавобан шундай дейман:

— У нега уялсин, бировнинг эрини тортиб олган Висола опангиз (қўшним) уялсин! Бўйи етган қизию ўсмир ўғлини уятга қўйган Нодир акангиз (қўшнимникида яшаётган эркак)нинг виждони қийналсин! У шу тарашадек эркак учун эмас, болаларини боқиш учун жанжал қилаётгандир. Ичкаридаги гапни билмаймиз-ку!

Қаватимиздаги учала эшик баравар даранглашни бошлайди. Бирини ўзи, иккисини ўғли ва қизи ноғора қилиб уради. Хиёнаткор эркак яшаётган уй эшиги ҳаммасидан кўпроқ азият чекади. Бу аёл атайлаб шундай қилади. Чунки, биладики, эри ва унинг маъшуқаси то қўшниларнинг тинчини бузмагунча эшикни очмайди. Биз ҳам кўникиб кетганмиз, индамай овқатимизни еяверамиз, мулоҳазаларимиз ҳам эшигимиздан ташқарига чиқмайди. Баъзан ўша аёлнинг қошига чиқиб, у билан гаплашгим, тинчлантиргим, оғзидан боди кириб, шоди чиқаётгани учун огоҳлантиргим келади, аммо турмуш ўртоғим йўлимни тўсади. Қўшним мендан анча ёши катта аёл, омонатгина эри ҳам турмуш ўртоғимдан камида ўн бешта кўйлак кўпроқ йиртган бўлса керак. Хўжайним айтганидек, уларга бирор масалаҳат бера олиш ёки тартибга чақиришга бизда ваколат йўқ.

Келинг, сал ортга назар ташлаймиз. Мен ойдеккина, силлиққина, ҳамиша чиройли кийиниб юрадиган Висола опа билан қўшни бўлганимга эндигина икки йил тўлди. Қўшнилар ғийбатига қараганда, унга бу уйни қандайдир валинеъмати совға қилган. Ҳойнаҳой, ўша ҳомийси мана шу қўли кўксида, қўшнилар билан дўстона алоқа ўрнатиш истагида юрадиган Нодир ака бўлса керак. Бежиз собиқ хотини «Машиналаримни сотиб, пулини еб-ичиб юборган бу…», деб бақирмаса керак. Эътибор берсангиз, одам ижара уйда яшаб юрса, ўзини эмин-эркин тутолмайди, атрофдагилар билан ҳам юзаки мулоқот ўрнатади. Висола опа ҳам эшигини икки қаричгина очиб, уйига лип этиб кириб, сўнг эрталаб яшин тезлигида ишига жўнарди. Афтидан янги қўшним ҳали уй кимники эканлиги масаласи боши очилмагани, топгани бировнинг этагидан тушиб қолган эркаклиги учун ҳам қўшнилар орасида гап-cўз кўпайтирмасди. Бироз муддат ўтгач, вазият ўзгарди. Салом-аликларимиз бироз қуюқлашди. Висола опа Нодир ака билан очиқчасига ишга бирга бориб, бирга кела бошлади. Бир куни, ҳатто, менга «Яқинда тўй қилмоқчимиз. Таклиф қилсак, келасизларми?» деб қолди. Висола опанинг кайфияти очилиб қолганини кўриб, аниқ ташхис қўйдим: «Демак, бу эркак яқинда оиласидан қонуний ажрашган. Фақат шундагина хушторлар ўзини бунчалик бахтли ҳис қилиши мумкин». Тўй бўлган-бўлмаганини билмайман, бизни ҳеч ким таклиф қилмади, бироқ иккаласи (баъзан Висола опанинг бошқа турмушдан бўлган кап-катта ўғли ҳам келиб туради) бизнинг кўз ўнгимизда аҳил оила бўлиб яшашда давом этишди.

Ич-ичимдан айтаман, мен ҳеч қачон Висола опани ёмон кўриб, енгилтак аёл, деб ундан нафратланмаганман. Турмуш ўртоғимга бу жуфтлик нотўғри эканлигини эҳтимол, келажагимни суғурталаш, эркак тасаввурига бундай муносабатларнинг оқибатларини яхшилаб сингдириш учунгина айтарман.

Аммо унинг бугунги кунини кузата туриб, ўйловга бериламан. Мен ҳозир Висола опани чинакам бахтли, деб айта оламанми? Ёки унинг дўсти Нодир аканинг ҳаловатли оиласи бор, дейишим мумкинми? Йўқ, дейиш учун улар билан бирга яшаб кўришим шарт эмас. Балки, қачондир собиқ хотин шўрлик бундай салб юришларидан чарчар… Аммо барибир ёши қирқдан ошган Висола опа Нодир акага фарзанд туғиб бермаслиги, аввалги турмушидан бўлган, 18 ёшга кирган ўғли ҳеч қачон унинг янги эрини отадек қабул қила олмаслиги (йигитча уйга кўп келмайди, бувисиникида доимий яшаса керак) аниқ. Нодир акага эса ўзини тўлақонли бахтли ҳис қилмаслиги учун фарзандлари ундан нафратланиб, тирик етим бўлиб, бўйнини қисиб яшаётгани, «ажрашганларнинг боласи» деган тамға уларнинг келажагига ёмон таъсир қилаётгани, ўзининг уйсиз-машинасиз қолгани, мана шу қирқдан кейин келган севги туфайли қариндош-уруғларнинг юз ўгириши, обрў-эътибордан қолгани каби муаммолар етарли бўлса керак.

Таҳлил ва айблов эълон қилиш мендек тўртта гапни бир-бирига улаб ёзадиган муаллиф учун жуда осон. Ичкарида ҳам, ташқарида ҳам мен билмаган гаплар кўплиги аниқ. Агар истасам, хўжайнимнинг таъбирича, «бақалоқ хотин»ни ҳам айблаб, ҳам тарафини олиб тўрт саҳифа ёзишим мумкин. Қандай гаплар билан ёнини олишимни мақола бошида ўқидингиз. Энди сўнгги қисмида яна бошқа хулосамни баён этмоқчиман. «Опажон, мен сизни яхши тушунаман, деёлмайман. Тушунишга ҳаракат қиламан: агар кўзимни юмиб, эримсиз бир кун тугул, бир соат яшашим мумкинлигини ўйласам, дунё мен учун тугагандек туюлади. Афсуски, олдиндан билиб бўлмайди, «ташлаб кетилиш»дан ҳеч ким суғурталанмаган. Агар эрингиз билан ажрашишга имзо чекиб бўлганингиз рост бўлса, уни тинч қўйганингиз маъқул. Нима бўлганда ҳам, бўй етган қизингизни, мўйлаби сабза ураётган ўғлингизни бировнинг уйига бориб тўполон қилишга ўргатиб, уларнинг ғурурини, тарбиясини бузишингиз, деразаларга тош отиб, деворларимиз, кундошингизнинг эшигига шармандали сўзларни ёздиришингиз билан бирор нарсага эришолмайсиз. Шунинг учун ҳам сиз истагандек, эшигимизни очиб, қўшнимизни ёмонлай олмаймиз. Агар ҳаммаси моддий масалага бориб тақалса, болаларингиз вояга етгани учун алимент ололмаётган бўлсангиз, уларни отаси билан хотиржам гаплашишига қўйиб беринг. Бунинг учун болалар деразани синдириши шарт эмас, отасига «Дада, сизсиз қийналаяпмиз, келмасангиз ҳам оёққа тургунимизча ёрдам беринг, ахир болаларингизмиз!», дейишининг ўзи етарли. Бунга ишонаман, чунки топармонгина собиқ эрингиз жудаям ёмон одам эмаслигини турмуш ўртоғим кўп такрорлайди.

Мен уйимнинг тўғрисида кап-катта одамлар бўлса ҳам, қимтиниб-қўрқиб, аммо туйғуларидан бахт қидириб, яшаётган одамлардан узримни сўраган ҳолда, раҳматимни айтмоқчиман. Эҳтимол, мақола чоп этилса, уни қўшнимга кўрсатишга ўзимда журъат топа оларман… Ахир мен, қирқдан кейин севишган жуфтлик ва эшиктепар, аламзада аёлдан иккита сабоқ олдим.

1. Агар эр бировники бўлса, кўз олайтирма. Оиласини ёмонлаган ва сени осмонларга чиқариб, мақтаган бўлса ҳам, ўша бахтсиз оиласида яшайверсин. Айниқса, ҳали муносабатларга нуқта қўймаган бўлса,

2. Агар эринг сендан воз кечгани рост бўлса, қўй, уни ҳаётини бузсам, аламимдан чиқаман деб, ўйлама. Болаларингни яхши тарбиялашда давом эт. Бир аҳмоқ эркакнинг ортидан қувиб, вақтингни бой берма. Бор эътиборингни фарзандларингга қарат, балки бахт бошқа томондан кулиб боқар.

Darakchi.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s