“Америкада ишлайдиган эримнинг у ерда ҳам хотини бор экан…”

420x232_article_1479362805_JZ9zng.jpg

Ушбу мактуб бизга электрон манзил орқали келди. Уни ўқиб бироз изтиробга тушдик. Узоқдан туриб бўлса-да, нома эгасининг дардига малҳам бўлгимиз келди. Бирдан бир кўмагимиз, кечинмаларини сиз муштарийлар билан бўлишиб, маслаҳатларингизни унга етказиш…

“Бундан беш йил аввал у билан ижтимоий тармоқда танишдим. Очиғи, илк мактубидаёқ эътиборимни тортишга уринди:

— Ўзбекистоннинг энг гўзал қизига Америкадан салом! Юртимизнинг мусаффо ҳавосидан мазза қилиб бир ўзингиз нафас олиб юрибсизми?

Унинг хатидан ҳайрон бўлганим боисми, беихтиёр жавоб ёздим.

— Нега бир ўзим нафас оларканман? Ҳамма нафас оляпти, — дебман соддаларча.

— Тўғри, ҳамма нафас оляпти. Сиз эса менсиз нафас оляпсиз, шуни назарда тутдим.

“Жинними, бу?” дедим ичимда унинг хатидан таажжубга тушиб. Чунки мен табиатан вазминроқ, унча-мунча ҳазилни тез ҳазм қила олмайдиган, дугоналаримнинг тили билан айтганда “Энг зўр ҳазил ҳам ярим соатда етиб келадиган қиз”ман. Феълимни билгани учун дугоналарим ҳам унча-мунчага ҳазил қилавермайди. Ҳазиллашишса ҳам дарҳол изоҳлаб кетади. Хуллас, шунақа қизман. Вазминлигимга бориб, бошқа унга ёзмадим. У эса тўхтамади. Ҳар гал кирсам, ундан энг камида иккита хабар келган бўларди. Аҳволим, Ўзбекистон об-ҳавоси, янгиликлари билан қизиқарди. Бизда кундузи бўлганида Америкада тунлигини, унинг уйқуда бўлишини яхши билганим учун жавоб ёзгим ҳам келмасди.

“Ўзи бу нега менга хат ёзаверади? Янгилик ва об-ҳавони сўрашга қариндошлари, дўстлари ҳам бор-ку”.

Мана шу ўйда унинг номаларини жавобсиз қолдиравердим. У эса аксини қиларди. Охири бир куни шундай мактуб юборибди:

“Ижтимоий тармоққа ҳар куни кираётганингизни кўряпман. Ҳеч ким билан ёзишмасангиз, кириб нима қиласиз? Менга ўхшаган ватан соғинчида юрганларга ёрдам бермасангиз, яшаб нима қиласиз? Ё гунгмисиз? Мен сиздан гапиришни эмас, ёзишни сўраяпман. Гунг одам учун ёзиш қийин эмас-ку!”

Очиғи, “гунг” сўзи “соқов” ўрнида келишини яхши биламан. Лекин негадир мени “гўнг” деяпти деб ўйлабман. Гарчи гапнинг мазмуни тўғри келмаса, ҳам миямга шу ялт этиб келибди-ю, жаҳл билан ёзаверибман:

— Нега мени ҳақорат қиляпсиз? Кимсиз ўзи? Менга умуман ёзманг! Сизни танимайман, гаплашишни ҳам истамайман! Ўша “гўнг” ўзингиз!

Яна алланималар дедим. Лекин барибир аламим босилмади. Ундан дарҳол жавоб ола олмаслигим баттар жиғибийрон қиларди, мени. Эртасига тармоққа кира солиб, у билан бўлган ёзишмага қарадим.

“Тушунмадим. Қанақа гўнг? Мен сизга гунгмисиз, соқовмисиз, дедим. Майли, ёзмасангиз ёзманг. Бошқа ватандошлар кўп-ку!..”

У қайтиб ёзмади. Нақ бир ҳафта кутдим. Биргина хабар юборса, қўполлигим ва тушунмовчилик учун узр сўрамоқчи эдим. Қайда, уям қайсар экан. Кўрдим, ўзининг профилига янги суратлар кўрди. Фикрлар ёзди. Лекин менга бир оғиз гапирмади.

Бу менга алам қилди.

Айб мендан ўтган бўлса-да, бир ҳафта ундан биринчи қадам бўлишини кутдим. Фойдаси йўқ! У гўё бир умр мен билан гаплашмагандек эди. Охири гуноҳимни тан олиб, жавоб хати ёздим:

“Узр, мен нотўғри тушунган эканман. Негадир “ў” ҳарфи ўрнига “у” ёзгансиз деб ўйлабман. Нима қилай, бугун ҳамма ёзишмалар “ў”, “ғ”, “қ”, “ҳ”сиз ёзилса…”

Бугун жавоб ёзмайди. Ҳозир ухлаб ётибди. Эртага эрталаб ўқийман энди жавобини, деганча профилини кузаётгандим ўша заҳоти жавоб келди. Қарасам, чиндан ҳам тармоқда эканлигини билдириб, белги турибди.

“Нега айнан “гўнг” деб ўқидингиз? Сизнинг гапларингизга ишонадиган бўлсам, “гўнг” эмас, “ғўнғ” деб ўқишингиз керак эди. Э-э-э, ҳазилни тушунмаган ғўнг!” дея ёзиб юборибди.

Мен яна ҳазилни тушунмаслигимга бордим. Шартта сўрадим:

“Ғўнғ” нима дегани?”

“Сизнинг янги лақабингиз!  ”

Шундай дея у ҳазил-ҳузулларини бошлаб юборди. Мен ҳам баъзида чув туширсам-да, унга ёзиб турадиган бўлдим. Ўз-ўзидан суратларини кўрардим, кузатардим. Шундай қилиб унга боғланиб қолганимни сезмай қолдим.

Бу табиий ҳол эди. У ахир Америкада ўқийди, Ўзбек, рус, тожик, инглиз, немис тилларида эркин сўзлаша олади. Келишган ва шўх йигит. Баданд бўйли, катта-катта кўзлари кулиб турувчи қирғий бурун бу йигитга мендан бошқа ўнлаб қизлар ҳам мактуб йўллашни сезардим. Сезганим сари ичимда олов аланга олар, рашк ўтида куярдим. Мен чиндан ҳам уни севиб қолгандим. Мени ҳам яхши кўришини, бирга бахтли бўлишимизни шунчалар истардимки, лекин буни тасаввур қилишга ҳам чўчирдим. Ахир унинг ҳаётида мендан ўн чандон гўзал ва ақлли қизлар бисёр-ку!

Лекин ҳаммаси кутилмаганда бўлди. У менга ўзи билган барча тилларда севги изҳор қилиб, мактуб юбордим. Жинни бўлаёздим. Қайта-қайта ўқидим хатни.

“Нега жимсиз?” деди у ярим соатча вақт ўтгач. Мен бу вақт ичида фақат дил изҳорини ўқиш билан банд бўлдим.

“Кўзларимга ишонмаяпман!” ростини ёздим унга.

Лекин бу сўзлар дилимдаги туғёнларни қайсидир маънода сездириб қўйишини англаб, ортидан яна ёздим:

“Сиз тап-тортмай ҳаммага шунақа ёзаверасизми? Мен бу ижтимоий тармоқдагиларга теккан касаллигини биламан. Лекин сизни жиддий инсон деб юрардим… ”

“Мен бу гапларни илк бор сизга ёздим. Шундай хаёлга боришингизни билардим. Лекин бу ҳақиқат. Бошқа ичимда сақлолмайман! Сизни кўрмай, билмай туриб севиб қолдим…”

Мен бу хабарни ҳам қайта-қайта ўқидим. Миямнинг қайсидир қатида ақлим “Ишонма, ахир сени бир бор бўлса-да, кўрмаган бўлса. Суратингни ҳам қўймаган бўлсанг”, деган сўзларни милт этиб кўрсатгандек бўлди. Лекин мен бу ҳақда ўйлашни истамасдим. Чунки илгарироқ ўзим уни севиб қолган бўлсам. Жуда қаттиқ севиндим холос.

Унга жуда-жуда кўп ёзгим келарди. Лекин изҳордан сўнг бир ҳафтача “Ҳа”, “йўқ” дейишдан нарига ўтмадим. У эса суратимни сўради.

Бугун суратимни юборсам, эртага уйимга совчи келишини айтганида эса ақлдан озай дедим. Ҳол-жонимга қўймаган суратимни юбордим. У роса мақтади. Орзусидаги қиз эканлигимни айтди. Чиндан ҳам эртасига унинг уйидан бизникига совчи келди. Мен ҳайратдан донг қотдим. Ушалмас орзу деганим рўёбга чиқаётганидан ўзимни йўқотиб қўйя дедим.

Хуллас, уч ой ичида у Ўзбекистонга келадиган бизнинг тўйимиз бўладиган бўлди. Ҳамма, ҳатто мен ҳам ҳайратда эдим. Айниқса, дугоналарим мендек вазмин қизнинг ижтимоий тармоқдан йигит топиб турмушга чиқаётганимни ҳазм қилолмасди. Шунинг билан у келди. Очиғи, унинг ёнида кўримсиз бўлиб қолишдан жуда қўрқдим. Яхшиям, пардоз-андоз бор.

“Бир-бирингга жуда моссизлар!” деган гапни жуда кўп эшитганимдан кейин пича хотиржам тортдим.

— Мен ўқиш билан бирга ишлайман ҳам. Ўқишимдан таътил беришган бўлса ҳам, ишхонам узоқ қолишимга қўймайди. Кўпи билан йигирма кун қола оламан! — деди у тўйимиздан кейин оила-аъзоларига.

— Дарров кетмоқчимисан? Келин-чи? — деди қайнонам.

— Буни бирдан олиб кета олмайман. Олти ойча тил ўргансин. Кейин имтиҳон топширади. Ўтса, ҳужжатини тўғирлайман, — деди у.

Олти ой кўзимга жуда узоқ муддат бўлиб кўринса-да, ёзишиб туришимиз, видео орқали кўришишнинг имкони борлиги менга тасалли берди. Шу билан ҳаш-паш дегунча вақт ҳам ўтди. У кетди.

Мен қайнонамнинг хизматини қилиб, тил ўрганишга қатнаб юравердим.

Бир куни у билан видео орқали гаплашаётиб, орқасидан аёл кишининг ўтганини кўриб қолдим. Сочлари ёйилган, уйқусираб ўтди. Бизда кундузи бўлса, уларда тун. Ярим тунда эримнинг хонасида аёл киши…

Дарров сўрадим.

Эрим ҳеч нарсани яшириб ўтирмади. Айтишича, у хотини эмиш. Мендан аввалроқ унга уйланганмиш. Буни ота-онасига айта олмабди.

— Ҳамма ҳақиқатни билдинг! Энди уйингга кетаверсанг ҳам майли. Мен сени қол демайман. Бундан фойда йўқ!

Қотиб қолдим. Олтин деганим мис чиқди. Бахт деганим сароб!

Лекин буни ҳеч кимга ҳатто қайнонамга ҳам айта олмадим. Ўз яқинларимга айтишга эса юзим чидамайди. Ҳеч нарса бўлмагандек қайнонамнинг хизматини қилиб юрибман. Мана бу ҳақиқатни билаганимга ҳам беш ойча бўлиб қолди. Нима қилай, азиз юртдошлар? Маслаҳат беринг. Мен бу дардни яна қанча вақт юрагимда сақлайман?

КАМИНА оққа кўчирди
Darakchi.uz

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s