“Фолга ишонма, фолсиз юрма” нима дегани?

Muxlis.uz сайти фойдаланувчиларидан саҳифа маъмуриятига шундай савол келиб тушган:

“Халқимиз орасида “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган гап бор. Буни қандай тушуниш керак? Динимиз фолни қоралаганини биламан, лекин қай ҳолатларда фолсиз юрмаслигимиз керак ёки мумкин? Шунга ойдинлик киритсангиз!”

Бунга эса қуйидагича жавоб қайтарилди:

“Тилимиздаги “фол” сўзи асли арабча бўлиб, “фаъл” шаклида қўлланади. Бунинг маъноси “хурсандчилик келтирувчи сўз ёки иш”дир. Унинг акси “шум” бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин, Ислом шариатида шумланишдан қайтарилган, тафоул, яъни яхши фолга (чиройли сўз, яхши гумон қилишга) рухсат берилган. “Фол кўриш” араб тилида “фол ўқиш” (қороъал фаъл) дейилади. Бу келажакда бўладиган нарсалардан хабар беришдир. Бу иш шариатда қораланган. “Яхши фол” (тафоул) деганда воқеа ва ҳодисаларни яхшиликка йўйиш назарда тутилади. Бу ҳақида бир қанча ривоятлар келган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Касаллик юқиши ва шумланиш йўқ. Менга яхши фол – чиройли сўз ёқади” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисда жоҳилият даврда кенг тарқалган, аммо ҳозир ҳам мавжуд бўлган икки иллат ҳақида сўз юритилиб, Ислом эътиқоди билан муолажа қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шумланиш йўқ. Унинг яхшиси фолдир”, деганларини эшитдим. Шунда: “Фол нима?” деб сўралди. У зот: “У биронтангиз эшитадиган яхши сўздир”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти). Жоҳилият даврида одамлар қарға, бойўғли каби қушлар овозидан шумланишар, буни бирон фалокат юз беришидан олдинги огоҳлик қўнғироғи деб билишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни бундай нотўғри эътиқоддан қайтарганлар, фақат яхши сўз айтишга, яхши гумонда бўлишга чақирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга яхши фол ёқарди. У зот шумланишни хушламасдилар” (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Шумланиш Аллоҳ таоло тақдиридан норозиликдир. Тафоул эса Аллоҳдан яхшилик умидида бўлишдир. Мўмин банда ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиши керак.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сўз эшитдилар. Ўша сўз у зотга маъқул келди ва: “Биз сенинг оғзингдан фолингни олдик”, дедилар (Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Яъни, оғзингдан яхши сўзларни эшитдик, дейилмоқчи.

Урва ибн Омир Аҳмад Қурашийдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида шумланиш зикр қилинди. Шунда у зот: “Унинг энг яхшиси фолдир. (Шумланиш) муслимни (бирон ишни қилишдан) қайтармайди. Агар биронтангиз ўзи ёқтирмайдиган нарсани кўрса, “Аллоҳумма лаа яътий бил ҳасанаати иллаа ант, ва лаа ядфаъус саййиъаати иллаа ант, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа бик”, десин!” деб айтдилар” (Абу Довуд ривояти).

Хуллас, мўмин одам фол очмайди, фол очтирмайди – фолбин уйига қадам босмайди. Балки турли ҳолатларда содир бўладиган ишларни фақат эзгуликка йўяди, Аллоҳдан яхшилик умидида бўлади”.

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s