Сохта тиббий кўрик кимга зарур, кимга зарар?

сохта_тиббий_курик.jpg

Бирор жойга ишга кираман десангиз, сиздан шахсий ҳужжатлар қатори тиббий дафтарча ёки маълумотнома талаб қилинади. Унда поликлиника шифокорлари кўригидан ўтганлигингиз ва соғлигингиз тўғрисидаги маълумотлар қайд қилинади. Бу дафтар келгусида сиз ишламоқчи бўлган корхона ёки ташкилотда сақланиб, ҳар йилги тиббий кўрик натижалари қайд этиб борилади. Айниқса, мактаб, лицей ёки касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари янги ўқув йили бошланишидан аввал шифокорлар назоратидан ўтишларига тўғри келади.

Иш билан оилавий поликлиникалардан бирига боришимга тўғри келди. Шифокор қабулида навбат кутиб ўтиргандим, коридорда хотин-қизларнинг шовқини эшитилди. Улардан бири бизни кўргач, “Жим бўлинглар, биров билмасин, қани, тез-тез узатиб юборинглар”, дея барчасидан тиббиёт дафтарчаларини йиғиб олиб, сумкасига солди. Уларнинг “раҳбари” бизга қараб, “Узр, дарров чиқаман”, дея навбатга ҳам қарамасдан ичкарига ўзини урди. Болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлайдиган аёлларнинг ўзаро муҳокамасидан сездимки, улар тиббий кўрикдан ўтишга келишган. Иши битди, шекилли, “раҳбар” хурсанд ҳолда, “боғча опалар”ни бошлаб ташқарига чиқиб кетди.

Врач қабулига келганлардан бири менга юзланиб: “Ука, кўряпсизми тиббий кўрикдан ўтиш ўрнига таниш-билишлари орқали “кўрикдан ўтди” қилиб, тўғрилаб кетишмоқда. Улардан бирини яхши танийман, маҳалламизда яшайди, ёшлигида сил билан оғриган эди, ўзи касал бўлса, қандай қилиб ёш болалар билан ишлайди-а? Болаларга юқиб қолишидан қўрқмайдими? “Медосмотр”ни шу йўл билан тўғрилаб, анча йилдан бери ишлаб юраркан-да. Наҳотки, шифокорлар текширмасдан туриб бундай ҳолатга йўл қўйишса? Ахир, ўзларининг фарзандлари ҳам улар ишлайдиган боғчага қатнайди-ку?”

Бу гапни эшитиб ўйланиб қолдим. Ростдан ҳам турли юқумли касалликлар билан оғриган тарбиячи ёки ўқитувчи қандай қилиб болаларга таълим-тарбия бера олади? Савдо дўконлари ва бозорларда кўкйўтал ёки гриппга чалинган сотувчилар билан муомалада бўлган харидорларнинг бу касалликларга чалинмаслигига ким кафолат беради?

Совуқ кунларда ошхона ёки ресторанларга кирсангиз, гриппга чалинган официантлар, автобус ва таксига чиқсангиз, бемор ҳайдовчилар сизга хизмат кўрсатади. Уларнинг аҳволини кўриб, “Ҳар куни тиббий кўрикдан ўтиб, кейин ишга чиқамиз”, деган сўзларига ишонасизми? Ахир, улар жамоат билан ишлаш баробарида аҳоли саломатлиги ва хавфсизлиги учун ҳам маълум даражада масъул эмасми?

– Кўпгина давлат муассасаларида сохта тиббий кўрикдан ўтиш ҳолатлари тез-тез учраб туради, – дейди бир танишим. – Яқинда таълим муассасаларидан бирида ўтказилган текширувда идора қоровули бўлган эркак кишининг дафтарчасига бошқа шифокорлар қатори гинекологнинг ҳам “соғ­лом”, деб хулоса берганига кўзим тушди. Бунга кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай қолдик. Қоровулни чақириб, аниқлик киритганимизда, кўрикка фақат дафтарчанинг ўзи “борган”лиги маълум бўлди.

Қишлоғимиздаги мактабда физика фанидан сабоқ берувчи Бахтиёр ака ҳар бир дарсида ўқувчиларга ўз фанидан ташқари, соғлом турмуш тарзи ҳақида тушунча бериб боради. Болаларга жисмоний тарбия ва спорт, оилавий ва шахсий гигиенага амал қилишни ўргатади. Турли юқумли касаллик ва зарарли одатларнинг саломатликка зиёни, касалликларга қарши эмланишнинг фойдаси ҳақида кўп айтади.

– Мактаб маъмуриятидан ўқувчиларни тез-тез тиббий кўрикдан ўтказишларини талаб қиламан, – дейди фидойи ўқитувчи. – Улар соғлом бўлса, биз ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам тинч, кўнглимиз хотиржам бўлади. Синфимдаги барча ўқувчиларнинг спорт тўгаракларига қатнашини, мусобақалардан сўнг ювиниб, шахсий гигиенага риоя қилишларини назорат қилиб бораман.

Хўш, нима учун биз ўз соғлиғимиз ҳақида сохта маълумотнома олишдан уялмаймиз? Бу билан бошқаларни эмас, аввало, ўзимизни алдаяпмиз-ку! Афсуски, бу алдов жамият учун қанчалар қимматга тушишини эса, ўйлаб ҳам кўрмаяпмиз.

Бу борада қатъий ва қаттиқ жамоатчилик назоратини ўрнатиш вақти келмадимикин? Сиз нима дейсиз?

Дилмурод ТЎХТАЕВ

This entry was posted in Hayot ko'zgusi. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s